Мораторий жорий этилганидан сўнг ҳам табиатга қарийб 10 млрд сўмлик зарар етказилган

Мораторий жорий этилганидан буён табиатга 9 787,2 млн сўм миқдорида зарар етказилган. Бу ҳақда АОКАда ўтган матбуот анжмунида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нарзулла Обломуродов мораторий давридаги ишлар ҳақидаги ахборотида айтиб ўтди.

Мораторий даврида жисмоний ва юридик шахслардан жами 4018 та (10 ойлик ҳолатига) мурожаат келиб тушган, мурожаатларда 188 943 туп давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга рухсат сўралган.

20 ноябрь ҳолатига кўра эса жами қонунбузарликлар сони 3 897 та, белгиланган жарима 4 316,1 млн сўмни ташкил этиб, шундан 2 757,4 млн сўми ундирилган.

Шундан табиатга етказилган жами зарар 9 787,2 млн сўмни ташкил этиб, 2 942,4 млн сўми ундирилган.

–  Ундирилмаган жарима ва табиатга етказилган зарарни ундириш мақсадида 338 та ҳолат бўйича (6 913,1 млн сўм) тўпланган ҳужжатлар тегишли органларга (суд, прокуратура, МИБ, ИИБ) киритилди. 17 та ҳолат бўйича қонунбузарлик содир этган шахсларга жиноий иш қўзғатилган, – деди Нарзулла Обломуродов.