Ўзбекистон ОТМларининг янги миллий рейтинги эълон қилинди

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан олий таълим муассасаларининг миллий рейтингини эълон қилди.  

Қайд этилишича, халқаро тажрибага мувофиқ такомиллаштирилган индикаторлар асосида жорий йилнинг февраль-июнь ойларида Республиканинг 57 та олий таълим муассасалари (филиаллари билан бирга) фаолияти таҳлил қилинди ва 2020 йил 1 январь ҳолатига уларнинг рейтинг натижалари тайёрланди.

Умумий рейтингда Ўзбекистон миллий университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Самарқанд давлат университети, Тошкент ахборот технологиялар университети, Тошкент давлат аграр университети дастлабки ўринларни эгаллашди.

Нукус давлат педагогика институти, Қўқон давлат педагогика институти, Гулистон давлат университети, Жиззах давлат педагогика институти сўнгги ўринларни эгаллаган.

Маълум қилинишича, сўнгги бир йил ичида миллий ОТМларнинг асосий штатдаги профессор-ўқитувчилар сони 10,6%га, талабалар сони 25,4%га, фан доктори (DSc) илмий даражасига ёки профессор унвонига эга профессор-ўқитувчилар 11,0%, фан номзоди (PhD) илмий даражасига ёки доцент унвонига эга профессор-ўқитувчилар 10,1%, диссертация ҳимоялари (шу жумладан, берилган профессор ёки доцент унвонлари) 41,1% га ошган.

Илмий салоҳияти бўйича Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Самарқанд давлат университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти етакчи ўринларда қайд этилди.

Дунёнинг нуфузли 1000 талигига кирувчи ОТМларда фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражасини олган профессор-ўқитувчиларнинг сони бўйича Тошкент ахборот технологиялар университети, Самарқанд давлат университети, Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат аграр университетлари етакчилик қилмоқда. 7 та ОТМда бундай профессор-ўқитувчилар мавжуд эмас.

Энг кўп хорижий профессор-ўқитувчилар Тошкент тиббиёт академияси, Ўзбекистон миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Бухоро давлат тиббиёт институтида фаолият олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон олий таълим тизимини 2030-йилгача ривожлантириш концепсиясида республикадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган агентликлар рейтингининг биринчи 1000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига, шу жумладан Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш белгиланган.