Фарғонада кислород концентраторлари ишлаб чиқарилмоқда

Фарғона вилояти ҳокимининг ташаббуси билан «Қўқон» эркин иқтисодий зонасида кислород концентраторини ишлаб чиқариш лойиҳасини имкон қадар тезроқ амалга оширишга киришилди. Бу масъулиятли лойиҳа ишлари тадбиркор Шавкатжон Ҳамзаев таъсисчиси бўлган «Грейт Қўқон» МЧЖ томонидан олиб борилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Умумий қиймати 300 минг АҚШ долларини ташкил этадиган корхонанинг фойдаланишга топширилиши катта тантанага айланди. Унда иштирок этган вилоят ҳокимининг ўринбосари М.Абдураҳмонов бугунги кунда талаби юқори бўлган мазкур тиббий жиҳознинг ишлаб чиқарилиши, аввало, вилоятимиз ва республика тиббиёт муассасаларини кислород концентратори билан тўлиқ таъминлаш имконини беришини, қолаверса вилоят экспорт салоҳиятини оширишини айтиб ўтди.

Мазкур корхонада йилига 30 000 дона кислород концентратори ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга, 20 та янги иш ўринлари яратилди.

Коронавирус пандемияси даврида кислород концентраторларига бўлган талаб ортди. Кислород концентратори коронавирус билан касалланган беморларни оғир аҳволда даволашда ёрдам беради. Зотилжам (пневмония) касаллиги ҳам жиддий асоратлар келтириб чиқаради ва беморнинг нафас олиши қийинлашади. Қондаги кислород миқдорини барқарорлаштиришда сунъий нафас олиш аппарати зарур бўлади. Кислород концентраторига талабнинг ортиб бораётгани уни ўзимизда ишлаб чиқаришни тақозо этди.

ВИДЕО: