Карантин вақтида фирибгарлар ёлғон смс-хабарлари жўнатиб, электрон маблағларни ўзлаштиришга уринмоқда – «Ўзкомназорат»

Карантин даврида «ўзини яккалаш» тартибига ўтган фуқароларнинг уйда ўтирганидан, шунингдек, одамларда коронавирус пандемияси сабаб хавотир кучли эканидан фойдаланиб қолаётган фирибгарлар турли услуб, восита ҳамда хабарномалар орқали кишиларни чалғитиб, уларнинг электрон ҳисобдаги маблағларини ўзлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси хабарига кўра, муайян сана ёки геожойлашув нуқтаси координатларини кўрсатиб, «Сиз карантин қоидасини буздингиз, энди Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига мувофиқ БҲМнинг беш бараваригача миқдорда жарима тўлайсиз», деган мазмунда жаримани уйдан тўлаш ҳам мумкинлигини таъкидлаб, тўлов учун карта рақами кўрсатилган смс-хабарнома жўнатиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.

«Ўзкомназорат» давлат инспекцияси фуқароларни бу каби ёлғон хабарларга алданмасликка, смс-хабарлар, телефон қўнғироқларини қабул қилганда ҳеч қачон электрон ҳисобдаги маблағлар ёхуд турли махфий кодлар ҳақида бегона шахсларга маълумот бермасликка, бу каби ҳолатлар кузатилганда смс-хабарномани ўчириб ташлаш, телефон қўнғироғи бўлганлиги ҳақида 102 рақами орқали ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар беришни тавсия этган.