Видео: Андижонда фуқаро МИБ ходимини пичоқлади

Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ташкил этилган эди. Қисқа вақт ичида қарздорликларни ундиришни тизимли йўлга қўйилиши натижасида ҳудудларда кундалик эҳтиёжлар билан боғлик электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви таъминоти борасида ижобий ўзгаришлар бўлмоқда.

Лекин, Бюро ходимлари ўз хизмат вазифасини ўташ чоғида энергия ресурсларидан керагича фойдаланиб, пулини тўлашга келганда тажовузкор муносабатда бўлаётган фуқароларга ҳам дуч келишмоқда, дейилади Бош прокуратура Мультимедиа марказининг лавҳасида.

Мана шундай нохуш ҳолатлардан бири жорий йилнинг 19 июль куни Мажбурий ижро бюросининг Андижон туман бўлими давлат инспектори Баҳром Ҳакимқулов билан содир бўлди. Бюро ходимлари хизмат вазифаларини бажариш чоғида туманнинг “Наврўз” МФЙ Меҳнат кўчаси, 52-хонадонда яшовчи Охуновнинг электр энергиясидан 650 минг сўмлик қарзи борлигини аниқлашади.

Давлат инспекторлари томонидан хонадон соҳибига мавжуд қарздорликни тўлаб қўйиши учун белгиланган тартибда талабнома расмийлаштирилади. Хонадон эгаси эса унинг бир нусхасига имзо чекишдан бош тортиб, жанжал кўтаради. 650 минг сўмлик қарзини тўлаб қўйиш ўрнига давлат инспекторининг талабномани расмийлаштираётганидан фойдаланиб, ошхонасидан пичоқ кўтариб чиқиб, давлат инспекторининг қорин ҳамда бел қисмига икки марта пичоқ уради. Мажбурий ижро бюросининг шу жойда бўлган яна бир инспектори Азимов ёрдамга келади ва ҳамкасбини ҳимоя қилади.

27 ёшга кирган Ёдгор Охунов оилали, 2 нафар фарзанднинг отаси бўла туриб, бирор бир фойдали иш билан шуғулланмасдан шу жиноятга қўл урган. Хизмат вазифасини бажараётган давлат инспекторига нисбатан содир этган тажовузи учун Охуновга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Лавҳада айтилишича, 2018 йилнинг 1 август ҳолатига кўра, Мажбурий ижро бюросининг 96 нафар ходимига нисбатан хизмат вазифасини ўташ чоғида тажовуз қилинган.