Қўқонда коронавирус ҳақида ёлғон хабар тарқатган маҳаллий депутатга жиноий иш қўзғатилди

31 март куни Халқ депутатлари Қўқон шаҳар кенгаши депутати Х.Н.га нисбатан карантин қоидаларини қўпол равишда бузганлиги учун жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳакда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, депутат «Telegram» ижтимоий тармоғида очилган гуруҳлар аъзоларига Қўқонда 2 нафар шахсда коронавирус инфекцияси аниқлангани ва улар карантинга олингани ҳақида аудиоёзув орқали ёлғон маълумотлар тарқатган.

Мазкур қоидабузарлик ҳолати юзасидан 31 март куни шаҳар прокуратураси томонидан Х.Н.га нисбатан Жиноят Кодексининг 244−5-моддаси (Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Қўқон шаҳар халқ депутатлари Кенгашидан розилик олинган ҳолда ушбу жиноий иш очилган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.