Омбудсман ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига номзод маъқулланди

26 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Омбудсман ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига Алия Юнусова номзодини маъқуллади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасининг 16-банди, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддаси 2-банди ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддаси, 1-бандига мувофиқ, Вакил ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига Алия Юнусованинг номзоди илгари сурилган.

Алия Юнусова 1961 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Иш фаолиятини 1983-1989 йилларда Тошкент давлат тиббиёт институтида ўқитувчиликдан бошлаган. 1989-1999 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Мўминов номли Фалсафа ва ҳуқуқ институтида аспирант, кичик илмий ходим, 1991-1993 йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада I даражали мутахассис, бош мутахассис, 1999-2005 йилларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида бўлим мудири лавозимларида меҳнат қилган. 2005-2020 йилларда — уч чақириқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлган.

Мажлисда депутатлар савол-жавоб, муҳокамалардан сўнг Алия Юнусова номзодини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига маъқулладилар.