Қасддан баданга енгил шикаст етказиш тўғрисидаги моддани Жиноят кодексидан чиқариб ташлаш таклиф қилинди

Ўзбекистонда қасддан баданга енгил шикаст етказиш тўғрисидаги модда декриминализация қилиниши мумкин. Ички ишлар вазирлиги тегишли қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Ҳужжатда Жиноят кодексининг 109-моддасини (қасддан енгил тан жароҳати етказиш) чиқариб ташлаш ва уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси 3-қисмига (баданга енгил шикаст етказиш) ўтказиш назарда тутилмоқда.

Ҳозирги вақтда Жиноят кодексига кўра, соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш ўша ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. 

Ички ишлар вазирлигининг тушунтириш хатида таъкидланганидек, ички ишлар органлари томонидан 2018 йилда Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) бўйича 1512 та жиноят иши қўзғатилган бўлиб, шундан 311 таси (20.5%), 2019 йилнинг 10 ойида эса 771 та жиноят иши қўзғатилган бўлиб, шундан 122 таси (15.8%) тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан суд томонидан айблилик ҳақидаги масала ҳал қилинмасдан тугатилган.

«Бугунги кунда аксарият хорижий давлатлар қонунчилигида ушбу турдаги жиноят жиноят қонунчилигидан чиқарилиб, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тоифасига киритилганлигини кўриш мумкин. Хусусан, Қозоғистон Республикасининг 2017 йил 3 июлдаги 84­VI-сон Қонунига мувофиқ, Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 108-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) Қозоғистон Республикасининг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексига 731-модда сифатида киритилган», — дейилади лойиҳада. Муҳокамалар 23 январгача давом этади.