Муддатидан олдин овоз бериш 12−18 декабрь кунлари бўлиб ўтади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ва маҳаллий кенгашларга 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловда муддатидан олдин овоз бериш 12 декабрь куни соат 9:00 да бошланди ва 18 декабрь куни соат 18:00 да якунланади.

Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Маҳмуд Истамовнинг 10 декабр куни ўтказилган брифингдаги сўзларига кўра, мамлакатда 10,2 мингта, шунингдек Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларида 55 та сайлов участкалари тайёрланди (сайлов участкалари рўйхати Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтида мавжуд).

9 декабрь ҳолатига кўра, сайловчиларнинг ягона рўйхатига киритилган сайловчилар сони 20,529 миллиондан ошди. Улардан 18,739 миллиони (91,3%) Ўзбекистондаги ва 1,79 миллиони (8,7%) эса чет эл сайлов участкаларига бириктирилган.

Муддатдан олдин овоз бериш учун 936 мингдан ортиқ сайлов бюллетенлари тайёрланди, бу сайловчилар умумий сонининг 5 фоизини ташкил этади, деди у.

Сайловчилар рўйхатини текшириш жараёни 8 декабрда якунланди. «Сайловчилар ўз яшаш жойларидаги сайлов участкаларига ташриф буюришлари, сайловчилар рўйхатларини кўришлари ҳамда уларнинг маълумотлари сайловчилар рўйхатига киритилгани ва уларнинг тўғри киритилганлигини текширишлари мумкин», — деди Маҳмуд Истамов.