Ўзбекистонда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинганлигининг 30 йиллиги нишонланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази томонидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишланган очиқ дарслар бўлиб ўтмоқда. 

Шундай тадбирлардан бири 20 ноябрь куни Тошкент давлат юридик институти қошидаги академик лицейда бўлиб ўтди.

Тадбир БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигини нишонлашга бағишланган дастурлар ижроси доирасида ташкил этилди.

Очиқ дарс Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидалари ҳамда мамлакатимизда бу борада қабул қилинаётган чора-тадбирлар ҳақида хабардор қилиш мақсадида ўтказилди.

Тадбирда қайд этилганидек, конвенция моддалари боланинг яшаш, фаровон яшаш шароитлари, таълим олиш, исм, фуқаролик, ўз индивидуаллигини сақлаш ҳуқуқларини, алоҳида яшайдиган ота-оналари билан мулоқот қилиш, ўз қарашлари ва фикрларини эркин ифода этиш имкониятларини тартибга солади. Конвенция болаларга шафқатсизларча муносабатда бўлиш, уларни эксплуатация қилиш ва камситишни тақиқлайди.

Болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш бўйича давлат ва ота-оналар зиммасига масъулиятли бурч юкланган. Конвенцияга мувофиқ, болаларга нисбатан қўлланиладиган барча хатти-ҳаракатлар бола манфаатларини аъло даражада таъминлаш мезонига кўра белгиланиши лозим. Мазкур мезон, шунингдек, ота-оналарнинг ўз фарзандларига нисбатан муносабатига ҳам тааллуқлидир.

Ушбу конвенция бола ҳуқуқларининг бутунжаҳон конституцияси деб ҳам аталади. Чунки у инсоният тарихидаги бола ҳуқуқлари бўйича илк юридик мажбурий халқаро-ҳуқуқий шартнома ҳисобланади. Ундаги низомлар декларатив хусусиятдан холи.

Ўзбекистон Республикаси 1992 йилда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилган ҳолда ундаги низомларга риоя қилиш ва уларнинг ижроси бўйича халқаро мажбуриятларни ўз зиммасига олди. Мамлакатимизда юздан зиёд қонунлар боланинг у ёки бу ҳуқуқ ва эркинликларини тартибга солишига қарамай, 2008 йил 7 январдан “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги қонун кучга кирди.

Мазкур сана муносабати билан жорий йил 17 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинганлигининг 30 йиллигини нишонлашга бағишланган Тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу дастур доирасида Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, болалар ҳуқуқлари билан шуғулланадиган давлат ва нодавлат тузилмаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, бола ҳуқуқлари бузилганда, уларни ҳимоя қилиш услублари ва шаклларини тушунтиришга бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. Аҳоли орасида бола ҳуқуқларига оид конвенция қоидалари, халқаро стандартлар тарғиб этилмоқда, жойларда болалар манфаатлари бўйича фаолият юритувчи тегишли давлат ва жамоат тузилмалари тўғрисида маълумот берилмоқда.

Нафақат конвенция матни, балки болани ижтимоий ва маданий ривожлантириш бўйича таълим даражасини оширишга хизмат қиладиган махсус адабиётлар, плакатлар ва материалларнинг ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида чоп этилиши алоҳида аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари

бўйича Миллий марказ матбуот хизмати