Ўзбекистонда 1 октябрдан ер участкасини 50 йилгача муддатга ижарага олиш мумкин бўлади

Ўзбекистонда 1 октябрдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини 50 йилгача муддатга ижарага олишга рухсат берилади. Бу ҳақда президентнинг “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонида айтилади.

Қайд этилишича, 2018 йил 1 октябрдан инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини беришнинг қуйидаги янги механизмлари жорий этилади:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини 50 йилгача муддатга, лекин аризада кўрсатилганидан кам бўлмаган муддатга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун узоқ муддатли ижарага бериш;

кўчмас мулк объектларини (меҳмонхоналар, савдо объектлари, маданий-кўнгилочар мажмуалар, маиший хизмат кўрсатиш объектлари, таълим ва тиббиёт ташкилотлари, йўл инфратузилмаси ва бошқалар) қуриш учун ер участкаларига доимий эгалик қилиш ҳуқуқини аукцион орқали сотиш.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига умумий майдони 2000 квадрат метрдан ортиқ, лекин 5000 квадрат метрдан кўп бўлмаган, фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини сотиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилди.