Депутатлар маҳкумларга пенсия тўлашни таклиф этмоқда

24 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Жиноят-ижроия қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди, дея хабар берди парламент қуйи палатаси матбуот хизмати.

Муҳокама жараёнида депутатлар томонидан нафақат манзил-колонияларидаги, балки барча жазони ижро этиш муассасаларида жазосини ўтаётган пенсионер шахсларга пенсия тўлаш тартибини жорий этиш масаласини кўриб чиқиш таклифи илгари сурилди. Уларнинг фикрича, Конституцияга мувофиқ, ҳар ким учун ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи кафолатланади. Қонун лойиҳасининг амалдаги таҳрири жазони ўтаётган шахсларнинг пенсия олишга доир ҳуқуқларининг тўлиқ таъминланмаётгани қайд этилди.

Бугунги кунда озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазони ўтаётган пенсия ёшидаги шахсларнинг умумий сони қарийб 1000 нафарни ташкил этади. Ушбу шахсларга пeнсия таъминотининг тўхтатиб қўйилиши, уларнинг қарамоғида бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга ҳам таъсир қилади. Шу сабабли, жазони ўтаётган шахсларнинг пенсиясини ишончнома асосида учинчи шахслар томонидан олиш тартибини ҳам кўриб чиқиш таклиф этилди.

Хорижий давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, Испания, Чeхия, Норвeгия, Франция, Португалия, Гeрмания, Грeция, Нидeрландия, Швeция, Россия, Украина, Бeларусь каби давлатларда маҳкумларга ёшга доир, ногиронлик ва бошқа ҳуқуқий асослар бўйича пенсия тўловини амалга ошириш тартиби белгиланган. Шу билан бирга, Бeларусь, Россия ва Eвропа Иттифоқи мамлакатларида жазони ижро этиш муассасаларидаги ойлик харажатларни (озиқ-овқат, кийим-кeчак, пойабзал ва ҳоказо) қоплаш учун жазони ўтаётган пeнсионeрнинг пенсиясининг бир қисми (пeнсиянинг 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда) ҳисобидан қоплаш амалиёти мавжудлиги қайд этиб ўтилди.

«Муҳокама давомида барча жазони ижро этиш муассасаларида жазосини ўтаётган пенсионер шахсларнинг ижтимоий таъминотини янада такомиллаштириш, бу масалани қонун лойиҳасида аниқ белгилаш мақсадида қонун ташаббуси субъектига тегишли таклифлар берилди», — дейилади хабарда.