Энди Олий таълим муассасаларига ҳужжатлар навбатсиз, онлайн топширилади

Май ойидан бошлаб олий таълим муассасаларига ҳужжатларни Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали қабул қилиш тартибини жорий этишрежалаштирилмоқда. Айни пайтда ушбу жараённи тартибга солувчи қоидаларни тайёрлаш иши якунига етказилмоқда.

Тартиб-таомил 4 та қадамни ўз ичига олади:

1. ДХМ ёки порталда таклиф этилаётган электрон шаклга паспорт ва алоқа боғлаш маълумотларини киритиш зарур.

2. Тугатган ўқув муассасаси (коллеж, лицей ёки мактаб) ҳақидаги маълумотларни кўрсатиш.

3. Ўқув шаклини (кундузги, кечки, сиртқи) ва тилини танлаш, тест топшириш графигини белгилаш.  

Шу ернинг ўзида устуворлик тартиби билан 3 та исталган олий таълим муассасасини танлаб, синовдан ўтказиладиган хорижий тил ва имтиҳон топишириладиган ҳудудни белгилаш зарур.

4. Давлат божини тўлаш (тўлов тизимлари орқали онлайн тўлаш имконини яратиш режалаштирилмоқда).

Шундан сўнг ариза кўриб чиқиш учун юборилади, абитуриентга бу ҳақда тегишли хабарнома йўлланади.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Адлия вазирлиги такроран тест топширганлик учун ҳақ тўланишини бекор қилиш ва ҳужжатнинг бошқа бандлари юзасидан ўз тавсияларини киритди.