Бош прокуратура қалбаки дори импортини фош қилди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда бепуштликни даволаш учун мўлжалланган қалбаки «Комастон» дори воситаси импорти фош қилинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Дори воситаси Ҳиндистонда ишлаб чиқарилиб, Самарқандда рўйхатдан ўтган хориж компанияси томонидан Ўзбекистонга олиб келинган. Дори воситалари лаборатория текширувлари натижасига кўра қалбаки эканлиги аниқланган. Лаборатория текширувлари натижасида дори воситаси таркибида кўрсатилган асосий «Дидрогестерон» таъсир этувчи моддаси мавжуд эмаслиги маълум бўлди

Терговга қадар текширувда «B» МЧЖ хорижий корхонаси мутахассиси Ж.Н. ва бошқалар сохта ҳужжатлар тайёрлашиб, 2018 йилда жами 115,5 мингта «Комастон» воситасини дори сифатида расмийлаштиришга ва Ўзбекистонга импорт қилишга эришиб, шундан, 76,5 мингтасини ички бозорларда 4,8 млрд сўмга сотгани аниқланди. Департамент органлари томонидан қалбаки «Комастон» дори воситаларининг ички бозорларда ноқонуний муомалага киритилишининг олдини олиш чоралари кўрилган.

Мазкур ҳолат юзасидан «B» МЧЖ хорижий корхонаси мутахассиси Ж.Н. ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

«Аҳоли хотиржам бўлиши мумкин. Мазкур дори воситаси сотуви бутунлай тўхтатилган», — деди Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова.