Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг 144-Конвенциясини ратификация қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 март куни Халқаро меҳнат ташкилотининг халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги 144-сонли Конвенциясини (Женева, 1976 йил 21 июнь) ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолади. Қонун 5 февраль куни Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 28 февралда Сенат томонидан маъқулланган эди.

Қонун маъқулланган Сенат мажлисида қайд этилганидек, конвенциянинг ратификация қилиниши ХМТ билан алоқаларда Ўзбекистон обрўсига ижобий таъсир қилиб, халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари билан конструктив ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ривожланган давлатларнинг ишчи ва иш берувчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги тажрибаларини ўрганиш, меҳнат ва бандлик соҳаларидаги қонунчиликни такомиллаштиришга имкон яратади.

ХМТнинг 144-Конвенцияси бунга қадар 139 мамлакат, жумладан МДҲда — Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон томонидан ратификация қилинган.