Соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммолар тизимли ўрганилмоқда

Халқимиз соғлиғини сақлаш, соғлом турмуш кечиришига эришиш юртимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳиятини ташкил этади. Мамлакатимизда ушбу соҳадаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашдек муҳим вазифа учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси масъул этиб белгилангани ҳам бежиз эмас.

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери, депутатлар гyруҳи, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари ҳамда ихтисослаштирилган марказлар раҳбарлари, шифокор-мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи республикамиз вилоятларида аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдам сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, уларнинг кадрлар таъминотини яхшилаш, санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини чуқур ўрганмоқда.

Жорий йилнинг 28-30 январь кунлари ана шундай ўрганишларнинг навбатдагиси Андижон вилоятида бўлди.

Бир неча кун мобайнида вилоятдаги барча тиббиёт муассасалари фаолиятини яқиндан ўрганиб, таҳлил этдик. Аҳоли ҳамда беморлар билан юзма-юз мулоқот қилдик, улар учун тиббий кўриклар ташкил этдик. Республикадан ташриф буюрган мутахассислар билан биргаликда ҳудудий тиббиёт муассасалари шифокорлари ҳам Андижон вилоятининг ҳар бир туманида уйма-уй юрган ҳолда, тиббий текширувлар ташкил қилди.

Эътиборлиси, масалаларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилди. Аниқланган камчилик ва муаммоларга халқ вакиллари, соҳа мутасаддилари ҳамда масалага алоқадор давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирокида ечим топишга қаратилган бу ишлар туфайли аҳолининг тиббий хизматдан розилигини таъминлашга эришилмоқда.

Шу ўринда айрим рақамларга эътибор қаратсак.

Ўрганишлар давомида вилоятда яшовчи 5 минг нафардан ортиқ энг оғир, сурункали касалликка чалинган ва эҳтиёжманд оилалар аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилди. Улардан 638 нафарига амбулатор, 217 нафарига вилоят ва республика муассасаларида даволанишга йўлланмалар берилди. Шунингдек, асосий эътибор вилоятдаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасининг ҳолати, асбоб-ускуналар билан таъминланганлик даражаси ва улардан самарали фойдаланиш, кадрлар таъминотига қаратилди. Вилоятда касалланиш кўрсаткичлари таҳлилдан ўтказилди.

Аниқланган тизимли камчиликларни бартараф этиш мақсадида аниқ муддатли, масъул ижрочилари ва молиявий манбаси белгиланган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ҳамда жорий йилнинг 30 январь куни вилоят депутатлари сессиясида таҳлилий-танқидий муҳокама этилиб, тасдиқланди.

Албатта, муаммолар бор. Уларнинг ечимлари ҳам таклиф этилмоқда. Чора-тадбирлар режалари тузилмоқда. Аммо масалаларни бартараф қилиш учун молиявий ресурс ҳам етарлича бўлмоғи лозим. Шу боис ҳам вилоятда 2019 йилга мўлжалланган дастурга кўра, жорий йилда барча манбалар ҳисобидан соҳага жами 113,8 миллиард сўм ва 8,9 миллион долларлик маблағ йўналтирилиш кўзда тутилган.

Қайд этиш жоизки, дастур доирасида республика бюджетининг 60,3 миллиард сўмга тенг маблағи ҳисобидан 20 та объектда, хусусан, Қўрғонтепа, Хўжаобод, Булоқбоши, Жалақудуқ, Балиқчи, Андижон, Бўз, Улуғнор, Шаҳрихон туман тиббиёт бирлашмалари бўлинмалари, вилоят перинатал маркази, Андижон шаҳрининг 3-, 5-, 18-сонли оилавий поликлиникалари, Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали, вилоят психоневрология, тери-таносил касалликлари ҳамда наркология диспансерларида қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш кўзда тутилган.

Шунингдек, республика бюджетининг 4,8 миллион долларга тенг маблағлари ҳисобидан Республика кардиология марказининг Андижон филиали, вилоят эндокринология диспансери, юқумли касалликлар шифохонаси, болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, тери-таносил касалликлари диспансери, кўп тармоқли тиббиёт маркази, 15 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамда санитария-эпидемиология назорати муассасалари тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади. Бундан ташқари, дастурга асосан, жорий йилда вилоятда жами 150 та хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилиши ҳам режалаштирилмоқда.

Бугун соғлиқни сақлаш тизимидаги яна бир муҳим муаммо – кадрлар таъминоти ва салоҳияти масаласига ҳам дастурда алоҳида эътибор қаратилган. Дастлабки маълумотларга кўра, Андижон вилоятида тизимдаги тиббиёт муассасалари учун ажратилган 8414,75 штат бирлигида 7 минг 49 нафар шифокор ишлайди. Яъни, бандлик даражаси 8012,75 кишини (95,2 фоиз) ташкил этади. 402 та бўш иш ўрни мавжуд.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида ҳар бир тyмандаги биттадан қишлоқ маҳалла фуқаролари йиғинида соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарларининг масъулиятини оширишга қаратилган ахборотлари эшитилди.

Бир сўз билан айтганда, соҳадаги тизимли муаммолар аниқланиб, ҳал қилинмоқда, айримларини туман, шаҳар, вилоят, республика миқёсида ечиш чоралари кўрилмоқда.

Саттор Раҳматов,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати