Нострификация жараёни соддалаштирилди

Ўзбекистонда 1 мартдан хорижий давлатларда берилган таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилишнинг янги тартиблари жорий этилади. Бу президентнинг 16 январдаги таълим сифатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорида ўз аксини топган.

Фуқароларнинг қуйидаги тоифалари учун тан олиш ва нострификация жараёнлари махсус синовларсиз тўғридан-тўғри амалга оширилади:

  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида алоҳида бўлинмалари (филиаллари) ва қўшма таълим муассасалари фаолият юритаётган хорижий таълим муассасаларида таълим олган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат инспекциясининг қўшма қарори билан рўйхати ҳар йили тасдиқланадиган халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education, Academic Ranking of World Universities) рейтингида олий таълим муассасалари орасида биринчи 1 000 ўринни эгаллаган хорижий олий таълим муассасаларида таълим олган фуқароларнинг;
  • тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идораларининг йўлланмалари асосида мутахассисларни мақсадли тайёрлаш учун хорижий давлатлар томонидан ажратилган квоталар (грантлар) ҳисобидан таълим олган фуқароларнинг;
  • 1992 йил 1 январгача хорижий таълим муассасаларига ўқишга кирган фуқароларнинг;
  • Олий таълимда сифатни кафолатлаш Европа ассоциациясининг (European Association for Quality Assurance in Higher Education) тўлақонли аъзолари — ваколатли ташкилотлар томонидан аккредитация қилинган таълим муассасаларида таълим олган фуқароларнинг, рўйхати Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган йўналишлар, мутахассисликлар ва касблар бундан мустасно;
  • Америка Қўшма Штатлари, Австралия Иттифоқи, Исроил Давлати, Канада, Сингапур Республикаси, Корея Республикаси, Япония давлатларининг ушбу давлатлар ваколатли ташкилотлари томонидан аккредитация қилинган таълим муассасаларида таълим олган фуқароларнинг, рўйхати Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган йўналишлар, мутахассисликлар ва касблар бундан мустасно;
  • хорижий олий таълим муассасаларида мутахассисларни мақсадли тайёрлаш учун Ўзбекистон вазирлик ва идоралари томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан таълим олган фуқароларнинг.

Эндиликда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш (эквивалентлигини қайд этиш) тўғрисидаги аризаларни фақатгина Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади.