Олот тумани ҳокими ва у калтаклаган фермер ярашишди

Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев Олот тумани ҳокими Шерали Саломов ва тумандаги «Шуҳрат» фермер хўжалиги раҳбари Ориф Дурматовни яраштириб қўйди, дея ёзмоқда Xabar.uz интернет-нашри. Бир кун аввал ҳоким фермерни калтаклаб, уни 25 млн сўмни бошқа фермер хўжалиги ҳисоб рақамига ўтказишга мажбурлагани хабар қилинган эди.

15 январь куни Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев мақолада келтирилган ҳолат юзасидан Олот тумани фаоллари билан учрашди. Кескин танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда Ўктам Барноев Олот тумани ҳокими Шерали Саломовнинг тумандаги «Шуҳрат» фермер хўжалиги раҳбари Ориф Дурматовга нисбатан қилган хатти-ҳаракатини қаттиқ қоралаган.

Раҳбар шахснинг бундай қилиғи олиб борилаётган «халқни рози қилиш» сиёсатига мутлақо тўғри келмаслигини таъкидлади. Шунингдек, бундай ҳолат вилоятдаги ҳар қандай раҳбарлар томонидан такрорланса, уларга нисбатан қаттиқ чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилган.

«Олотлик фермер Ориф Дурматов билан шахсан гаплашдим. Меҳнаткаш, ҳалол, мард, танти, ғурурли йигит экан. Ҳоким билан юз берган ҳолатни тўғри тушуниб, мардларча ўзини тутди. Бундан буён бу фермер шахсан менинг эътиборимда бўлади. Юрт корида „лаббай“ деб, сидқидилдан меҳнат қилиб, эл корига яраб турган бундай фермерларни қўллаб-қувватлаймиз. Бухорода адолатсизлик сиёсати бўлмайди», — деди вилоят ҳокими Ўктам Барноев.

Олот тумани ҳокими ўзи дўппослаган фермердан кўпчилик олдида кечирим сўради. Фермер узрни қабул қилди.

Вилоят ҳокими Ўктам Барноев туман фаолларининг таклиф ва тавсияларига кўра, бўлган воқеадан Шерали Саломов афсусда эканлиги ва фермердан узр сўраганлигини инобатга олиб, иккала томонни яраштириб қўйди.

Бошқа фермер хўжалиги ҳисоб рақамига мажбуран ўтказилган 25 млн сўм тақдири маълум қилинмаган.