“Тараққиёт стратегияси” марказида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг анъанавий “Адлия ахбороти” брифинги бўлиб ўтди

Брифингда 2019 йил январ ойининг 11-санасигача бўлган даврда қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида маълумот берилди ва Президентимизнинг жорий йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони юзасидан учрашув ташкил этилди.

Мамлакатимизда ҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ҳуқуқий билимларини ошириб боришнинг замонавий усулларини жорий этиш, аҳолини, айниқса, ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз борди.

Анжуманда таъкидланганидек, қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлардаги белгиланган вазифалар, ҳаётга татбиқ этиладиган лойиҳалардан аҳоли тўла хабардор бўлиши керак. Шундагина улар ўз ҳақ-ҳуқуқларини танийди. Аммо қабул қилинаётган ҳужжатларни оддий аҳоли бир ўқиганида ёки эшитганида тушуниб олиши мураккаб. Шу боис ҳам Адлия вазирлиги бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари учун мунтазам мулоқот ташкил этиб боради. Жамият ва давлат миқёсида бўлаётган ўзгаришлар эса оммавий ахборот воситаларида тўла ёритилади, таҳлил этилади.

Мазкур анжуман ҳам айни мақсадда ташкил этилди.

Унда аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, миллий ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантириш, ҳуқуқий саводхонлик даражасини оширишга тўсқинлик қилувчи муаммо ва камчиликлар очиқ айтилди.

Ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифалар юзасидан савол-жавоб тарзида ўтган анжуманда суд-ҳуқуқ тизимидаги ўзгаришлар, ҳуқуқий маданият тушунчаси, ишга олувчининг эндиликда прописка сўрамаслиги, тиланчилик юзасидан амалиётга татбиқ этиладиган тизим, энергетик ичимликлар рекламаси ва савдосига оид маълумотлар берилди.