Марказий банк банкларга истеъмолчилар ҳуқуқларини бузувчи шартномаларни қайта кўриб чиқишни топширди

Ўзбекистон Марказий банки тижорат банкларидан ажратилган кредитлар ва қабул қилинган депозитлар бўйича фоиз ставкаларини, шунингдек банк хизматлари учун белгиланган тарифларни бир томонлама ўзгартиришни назарда тутувчи шартларни бартараф этишни талаб қилди. Бу ҳақда МБ Telegram-каналидаги хабарда сўз боради.

«Тижорат банклари билан мижозлар ўртасида тузилган шартномаларни ўрганиш натижаларига кўра, банклар томонидан шартномаларга ажратилган кредитлар ва қабул қилинган депозитлар бўйича фоиз ставкаларини, шунингдек банк хизматлари учун белгиланган тарифларни бир томонлама ўзгартиришни назарда тутувчи шартлар киритилганлиги ҳолатлари аниқланиб, бу банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини бузилиши деб ҳисобланади», — дейилади хабарда.

МБ кредит ёки депозит шартномангизда кредитлар ва депозитлар бўйича фоиз ставкаларни, шунингдек банк хизматлари учун белгиланган тарифларни бир томонлама ўзгартиришни назарда тутувчи шартлар мавжуд бўлса, ушбу шартларни бекор қилиш юзасидан хизмат кўрсатувчи тижорат банкига мурожаат этишни тавсия қилди.

Шартнома шартларини қайта кўриб чиқиш бўйича банкка мурожаат этилганида муаммолар юзага келса, Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизматига ёзма равишда ёки (71) 200−00−44 рақамли кўп каналли ягона «Ишонч телефони» орқали мурожаат этиш мумкин.

МБнинг тижорат банкларига юборган хати: