GM Uzbekistan яна бир автосалонда тизимли равишда камчиликларга йўл қўйилганини аниқлади

GM Uzbekistan АЖ дилерлик марказлари томонидан амалга оширилаётган қоидабузарликларни аниқлаш борасидаги амалий ҳаракатларни давом эттирмоқда.

Қайд этилишича, GM Uzbekistan томонидан дилерлик корхоналарининг 9 ойлик якунларини ўрганиш давомида “Фарғона Автомарказ” МЧЖда тизимли равишда хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган.

 Мониторинг ўтказишдан асосий мақсад 2018 йил бошидан GM Uzbekistan компаниясига жисмоний ва юридик шахслардан дилерлик корхона фаолиятига доир 100 га яқин мурожаат келиб тушган. Мурожаатлар автосалоннинг мижозларга нисбатан қўпол муомала ҳамда коррупцион ҳаракатлари билан боғлиқ.

Шунингдек, автосалонда сотув жараёнлари шаффофлигини таъминлайдиган ва автомобиль сотиб олаётган мижозларга қулай шароит яратувчи тизимли иш ташкил қилинмаган. Ходимларнинг малакасизлиги мижозлар билан мулоқотда белгиланган савдо тартибига мос келмаган.

Ахборот стендлари ва мониторларда маълумотларнинг янгиланмаслиги ва ишламаслиги ходимлар ва “Колл-марказ” хизмати стандартларга жавоб бермаслиги харидорларнинг зарурий маълумотлар олишларига тўсқинлик қилган.

Бунинг натижасида “Фарғона Автомарказ” дилерлик маркази раҳбари вазифасидан озод этилган. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш янги тайинланган директор в.б. Эркин Икромов зиммасига юклатилди.