Ваколати ошаётган Омбудсман, тартибга солинадиган ер қаъри, муҳофазаланадиган шахсий маълумотлар

2018 йил 25 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакатда ижтимоий, иқтисодий, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Депутатлар ишни “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуни лойиҳасини муҳокама этишдан бошладилар.

Қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинларини таъминлашга катта эътибор берилмоқда. Парламент қуйи палатаси депутатлари томонидан тайёрланган мазкур қонун лойиҳаси ҳам ана шу йўлдаги чора-тадбирлардан бўлиб, Президентимизнинг 2018 йил 5 майдаги “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан ишлаб чиқилган.

Депутатлар фикрича, бу Ўзбекистонда “миллий превентив механизм” институтининг жорий этилишини, яъни қамоқда сақлаш жойларига Омбудсманнинг кириб туриши орқали қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турларининг олдини олиш чоралари кўрилишини англатади.

Лойиҳада Омбудсман қамоқда сақлаш жойларига кирганида у ерда сақланаётган шахслар сони ҳақида маълумот олиши, уларни сақлаш шароитини ўрганиши, шахслар билан холи учрашиши, бундай жойларда шахсни сақлашнинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан танишиб чиқиши мумкинлиги каби нормалар ўз аксини топмоқда. Шунингдек, қамоқда бўлиб турган шахсни тиббий кўрикдан ўтказишни талаб қилиши, қамоқда сақлаш жойлари маъмуриятининг қонунга зид ҳаракати (ҳаракатсизлиги)нинг олдини олиш бўйича шошилинч чоралар кўриши, шахсларни қамоқда сақлашнинг шароити ҳақида ўз хулосасини тайёрлаши ва уни тегишли органларга юбориши, бу каби фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиши кўзда тутилмоқда.

Қамоқда сақлаш жойларидан ташқари, шахс ўз хоҳиш-иродаси билан тарк этиш имкони бўлмаган бошқа жойларга ҳам Омбудсманнинг кириб бориши назарда тутилмоқда. Бундай жойлар сирасига шахсни суд ёки бошқа ваколатли орган қарори билан жойлаштириладиган турли интернат муассасалари, ижтимоий хавфли касалликларга чалинган шахсларни даволаш ва сақлаш муассасалари, психиатрия муассасалари ва бошқалар киради.

Энг асосийси, қонун лойиҳасида Омбудсманнинг ушбу фаолиятига амалий кўмак бериш учун нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат экспертлар гуруҳи тузилиши лозимлиги ҳақидаги нормани киритиш, Омбудсман Котибиятида унга кўмаклашиш шўъбасини тузиш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, мансабдор шахсларнинг Омбудсман олдидаги масъулиятини ошириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 1974-модда киритиш ва унда Омбудсманнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик ўрнатиш таклиф этилмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши юртимизда “миллий превентив механизми”ни жорий этиш, шу аснода демократик ислоҳотлар жараёнида адолатлилик, инсонпарварлик ва қонун устуворлиги каби тамойилларни самарали амалга оширишда янада қулай шароит яратади.

Мажлисда кўрилган масалалар орасида Давлат геология қўмитаси, унинг тасарруфидаги ташкилотлар ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ер ости бойликларидан фойдаланиш соҳасидаги роли, масъулиятини ошириш, мазкур соҳада фаол инвестициявий сиёсатни юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги ва “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунларга ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокамаси ҳам қизғин кечди.

Депутатлар фикрича, ушбу қонун лойиҳаси қабул қилиниши натижасида фаолиятини қонунчиликка мувофиқ амалга оширувчи ер қаъридан фойдаланувчилар сонининг кўпайиши ва солиқ тушумларининг ортишига, қимматбаҳо
металлар ва қимматбаҳо тошларни қазиб олишни қонунийлаштириш, фойдали қазилмаларни рухсатсиз қазиб олиш ҳолларига чек қўйишга хизмат қилади. Айни пайтнинг ўзида қонуннинг қабул қилиниши юридик ва жисмоний шахсларнинг ушбу соҳадаги ноқонуний фаолиятлари учун жавобгарлигини кучайтиришга, давлат назорати самарадорлигини оширишга, шунингдек, ер ости бойликларини сақлаш ҳамда улардан оқилона фойдаланишни таъминлашга ёрдам беради.

Қайд этиш жоизки, бугунги глобаллашув тобора шиддатли тус олаётган бир пайтда фуқароларнинг шахсий маълумот ва ахборотлари хавфсизлигини таъминлаш долзарб аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимиз Конституциясига мувофиқ, ҳар бир шахс шахсий ҳаёт дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сир, ўз қадри ва ғурурини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Қолаверса, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга асосан жисмоний шахсларнинг шахсий маълумотлари ҳақидаги ахборот конфиденциал маълумотлар сирасига киради.

Мазкур нормалар шундан далолат берадики, давлатда инсоннинг шахсий ҳаёти ҳақидаги ахборотларни ҳимоялаш давлат сири таркибига кирувчи маълумотларни муҳофазалаш даражасида амалга оширилади.

Мажлисда депутатларнинг баҳс-мунозарасига сабаб бўлган масалалардан яна бири – “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам ана шундай ҳаётий зарурат туфайли тайёрлангани билан аҳамиятлидир. Рақамли технологиялар даврида фуқароларнинг асосий ҳуқуқларини қўшимча мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ҳуқуқларни таъминлашни назарда тутувчи ушбу қонун лойиҳаси шахсий маълумотлар билан ишлаш иштирокчиларининг ўрнатилган меъёр ва қоидаларга риоя этишини таъминлаш, фуқароларга ўз шахсий маълумотлари устидан назорат қилиш бўйича кенг имкониятлар яратишга ёрдам беради. Шунингдек, шахсий маълумотларни халқаро узатишни соддалаштиради ҳамда қаерда қайта ишланишидан қатъи назар, фуқаролар маълумотлари ҳимоясини таъминлаш кафолатларини яратади. Фуқароларга зарар келтириши мумкин бўлган, шу жумладан, уларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги бўйича ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилишининг олдини олишга кўмаклашади.

Муҳокамалар чоғида депутатлар Ўзбекистон тарихида инсоннинг шахсий ҳаёт дахлсизлигини муҳофазалаш борасида янги босқични бошлаб берадиган ушбу қонун лойиҳаси муҳим ва зарур ҳужжат бўлишини таъкидладилар. Аммо у сўз ва фикр эркинлиги чекланишига олиб келмаслиги зарурлигини қайд этдилар.

Мажлисда парламент қуйи палатаси ҳузуридаги Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссия томонидан тавсия этилган масала – судларнинг бинолар, моддий-техник таъминоти борасида Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимларига парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири Б.Ходжаевга юборилган “Ўзбекистонда энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва энергия тежовчи инновацион технологияларни қўллаш истиқболлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровига жавоби ўқиб эшиттирилди.

Шунингдек, мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси

Матбуот хизмати