Энди ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун аризани масофадан туриб бериш мумкин

Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) маҳаллий автомобиль соҳиблари учун янги хизматни ишга туширди. Энди улар масофадан туриб янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш учун ариза беришлари мумкин.

ЯИДХП маълумотига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги «Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизда ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш амалга оширилмоқда. Бунда барча автомобиль эгалари 2020 йилга қадар янги ҳайдовчилик гувоҳномаларини олишлари керак.

ЯИДХП томонидан тақдим этилаётган янги хизмат тури вақтни сезиларли даражада тежаш ва ариза бериш амалиётини соддалаштиришга имкон бериши кутилмоқда. Ундан фойдаланиш учун юридик ёки жисмоний шахс ЯИДХПнинг расмий сайтидаги аризанинг электрон шаклини тўлдириши ва барча зарур бўлган маълумотларни кўрсатиши керак бўлади. Сўнгра етти кун мобайнида Давлат хизматлари марказига келиб, фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат, эски ҳайдовчилик гувоҳномаси ва талонини тақдим этиши, давлат божи тўловини амалга ошириши, суратга тушиши лозим бўлади. Шундан сўнг у янги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлади.