Давлат хизматчиси қандай одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши керак?

Давлат хизматчилари ўз касбий фаолиятида қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, ватанпарварлик ва хизмат бурчига фидойилик, давлат ва жамият манфаатларига содиқлик, адолатлилик, ҳалоллик ва холислик принципларига амал қилиши шарт. Манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги керак.

Бу “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари”да ўз аксини топган.

Шу билан бирга, давлат хизматчиси хизмат вазифаларини бажаришда давлат принциплари ва талабларига қатъий риоя этиш, ўз хизмат вазифаларини виждонан, юксак касбий даражада бажариш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиш, камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик каби принципларга амал қилишга мажбур.

Давлат хизматчилари коррупция ҳолатларига қарши курашиши ва уларнинг профилактикасига фаол кўмаклашиши шарт.

Бундан ташқари, мазкур қоидаларда давлат хизматчисининг хизматдаги хулқ-атвори, кийиниши, одамлар орасида ўзини қандай тутиши кераклиги каби ва бошқа меъёрлар қамраб олинган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ташкил этилган давлат хизматчиларининг ахлоқий қоидаларга риоя этилишини таъминлашга бағишланган семинарда шу ҳақда сўз юритилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ўзбекистонда ҳуқуқий ва институционал асосларни такомиллаштириш ва давлат хизматларини тартибга солиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Соҳани тубдан тартибга солиш мақсадида “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланган.

“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида қабул қилинган 2017-2018 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш давлат дастурига мувофиқ, давлат органлари ходимларига ахлоқ қоидалари тренинглар, семинарлар ва давра суҳбатлари орқали тушунтирилмоқда.

Лекин айрим ҳолларда давлат хизматчиларининг ўз фаолиятида амал қилиши лозим бўлган одоб-ахлоқ қоидаларини билмаслиги, уларнинг аниқ баён этилмаслиги ва бундай турдаги қоидаларнинг амал қилиниши устидан лозим даражадаги назоратнинг йўқлиги давлат хизмати соҳасида суиистеъмоллик ва коррупция ҳолатлари келиб чиқишининг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда.

Семинарда ушбу соҳадаги халқаро тажриба ҳам эътибор марказида бўлди. Тадбирда иштирок этган ЕХҲТ ва Европа Кенгашининг коррупцияга қарши курашиш бўйича эксперти Ярослав Стрельченок давлат хизматчиларининг ахлоқий меъёрлари, уларга амал қилиниши учун мониторинг юритиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида маъруза қилди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси аъзолари, Бош прокуратура академияси вакиллари, давлат органлари раҳбарлари ва идоралари мувофиқлаштирувчилари иштирок этган тадбирда давлат хизматчилари томонидан ахлоқий қоидаларга риоя этилишини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.