Меҳнат вазирлиги Андижон вилояти ҳокимининг ҳашар тўғрисидаги қарорига изоҳ берди

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 13 ноябрь куни ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалган Андижон вилояти ҳокимининг ноябрь ва декабрь ойларини «маънавият ойлари» деб эълон қилиш кўзда тутилган қарори юзасидан изоҳ берди.

Ҳоким қарорига кўра, ноябрнинг иккинчи декадасида Андижон вилоятида умумхалқ ҳашари ўтказиш — ҳудуддаги барча давлат ва нодавлат ташкилотлар ходимларининг бир кунлик иш ҳақини вилоят ҳокимлигининг махсус ҳисоб рақамига ўтказиш режалаштирилган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қуйидагиларни маълум қилди: Вазирлар Маҳкамасининг 10 майдаги «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, давлат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ҳашарлар қатор шартларга риоя қилинган ҳолда фақатгина ихтиёрийлик асосида ташкил этилади.

Жумладан, ҳашарлар фақатгина Ўзбекистон президенти ва Вазирлар Маҳкамаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари асосида ҳашар иштирокчилари меҳнат қиладиган ташкилотлар ҳудуди ичида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигига амал қилинган ҳолда ўтказилиши лозим. Ҳашарлар доирасида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва жойларни тартибга келтириш бўйича ишлар олиб борилади. Қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишлари каби жамоат ишларига мажбурий жалб қилиш қатъий тақиқланади.

Андижон вилояти ҳокимига Давлат меҳнат инспекцияси Андижон вилояти ҳокимининг 2018 йил 7 ноябрдаги №207-Ф фармойишини қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилиш тўғрисидаги буйруғи юборилди. Унда ҳашарларни ўтказишда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Буйруқда 10 кунлик муддат ичида кўрилган чоралар бўйича Давлат меҳнат инспекциясига маълумот тақдим этиш мажбурияти белгиланди.

Меҳнат вазирлиги мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг (+99871)2000602ишонч рақами ёки Telegram-ботга мурожаат қилиш мумкинлигини эслатиб ўтди.