Тиббиётдаги муаммолар қачон ечим топади?

Фарғона вилоятидаги айрим қишлоқ оилавий поликлиникаларида бугунги кунда тиббий хизмат кўрсатишда кўплаб муаммолар ўз ечимини топганича йўқ. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизими, уларнинг моддий-техник базаси ва малакали кадрлар билан таъминланиш даражаси талабга жавоб бермайди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
 
Президентимиз раислигида 9 ноябрь куни ўтказилган соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, ҳудудлар аҳолисини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш ва истиқболдаги устувор вазифаларни белгилашга бағишланган видеоселектор йиғилишида тиббий хизмат сифати танқидий баҳоланиб, бу борада амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар аниқ белгилаб берилди.
Фарғона вилоятида ҳам аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш, муаммоларни ҳал этиш юзасидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида 89 та қишлоқ ва 26 та шаҳар оилавий поликлиникаси фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилда 15 та муассасаларда қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилган. Афсуски, бу борадаги ишлар ҳамма жойда ҳам яхши йўлга қўйилган, деб бўлмайди. Айрим шаҳар ва туманларда тиббий хизмат кўрсатиш кўнгилдагидек эмас. Баъзи жойларда малакали мутахассислар етишмайди. Замонавий тиббий жиҳозлар билан етарли даражада таъминланмаган.
Ёзёвон туманида бугунги кунда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар оқсаётганлигини гувоҳи бўлиш мумкин. “Сойбўйи” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 33-қишлоқ оилавий поликлиникаси жорий йилда таъмирдан чиқарилди. Бундан аҳоли беҳад мамнун бўлди. Бироқ, уларнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади… Чунки бу ерда тиббий хизмат кўрсатиш учун имкониятлар мавжуд эмас. Тор доирадаги мутахассислардан фақат жарроҳ ва стоматолог бор, холос. Мазкур оилавий поликлиника 20 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади. Тиббий жиҳозлар етарли эмас, ЭКГ аппарати умуман ишламайди. Таъмирлаш ишлари ҳали ҳам ўз якунига етгани йўқ. Поликлиникага электр таъминотини яхшилаш мақсадида янги трансформатор ўрнатилиши керак. Минг афсуски, трансформатор олиб келинган бўлса-да, баъзи бир муаммолар сабаб, ўрнатилмай келмоқда.
Август ойида бу тиббиёт масканида туманда биринчилардан бўлиб, ягона электрон рўйхатга олиш ва интернет тармоғи орқали шифокор қабулига ёзилиш “электрон поликлиника” автоматлаштирилган ахборот тизими ишга туширилган эди. Айни кунларда бу тизим умуман ишлагани йўқ. Барчаси хўжакўрсинга ташкил этилган экан. Мазкур қишлоқ оилавий поликлиника мудири Баҳром Мамадаюповнинг айтишича, бунга асосий сабаб интернетга уланиш билан боғлиқ муаммолар…
Бу ҳам майли, аммо ахборот технологияларини тушунадиган мутахассис ҳам аслида бу ерга керак эмасми? Хўш, шундай экан, нега вилоятда айнан шу ерда бу тизим жорий этилди?
Туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси ўтган йилда қурилиб, ишга туширилган. Бу ердаги ҳолат ҳам бугунги кун талабига умуман жавоб бермайди. Шифокор қабулига кириш учун узундан-узун навбатлар ҳар қандай кишини дилини хуфтон қилади. Поликлиника мудири Олим Турдиев эса бунга жиддий қарагани ҳам йўқ. Бу ерда ҳам ишга туширилган “электрон поликлиника” ишламаяпти.
– Эрталаб келганмиз, соат 12 бўляптики, ҳали ҳам навбатда турибмиз, – дейди Нозим Иброҳимов. – Бизку майли, мана бу аёлларни ҳолатини бир кўринг.

Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Иброҳим Ёқубов биз билан суҳбатда туманда бир қатор кадрларнинг етишмаётганини, баъзи тиббий жиҳозларга эҳтиёж борлигини айтиб ўтди.

Умуман олганда, маҳаллаларда аҳоли сифатли тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олинмаган. Баъзида тиббий кўриклар номигагина ташкил этилмоқда. Қишлоқ оилавий поликлиникасига мурожаат қилган фуқаролар тор доирадаги мутахассисларнинг йўқлиги боис, яна сарсон бўлмоқда. Тумандаги мавжуд 4 та қишлоқ оилавий поликлиникасида ҳам патронаж хизматини такомиллаштириш, ҳар бир оилага кириб бориш ва аҳоли саломатлигидан хабардор бўлиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш каби ишларда мутасаддилар масъулиятини етарли даражада, деб бўлмайди. Давлатимиз раҳбари томонидан қишлоқда ҳам тиббий хизмат кўрсатиш сифатини замон талаблари даражасида ташкил этиш вазифаси қатъий қўйилаётган бир пайтда бундай ҳолатларга чек қўйиш вақти келганга ўхшайди.

Ёзёвон туманидаги аҳволдан ҳам кўриниб турибдики, аҳоли тиббий хизмат кўрсатишдан умуман қониқмаяпти. Соҳага масъул айрим мутасаддилар ҳамон ишни ўзибўларчилик ҳолатига ташлаб қўйганга ўхшайди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бунга нима дер экан?