Фарғонада 320 нафар бола туғилганлик ҳақида гувоҳнома олмагани аниқланди

Фарғона вилоятида жорий йилнинг шу кунига қадар 320 нафар бола туғилганлик ҳақида гувоҳнома олмаган. Бу ҳақда давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси мутахассиси Наврўзбек Саломов маълум қилди.

“Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси томонидан “Биронта ҳам боланинг туғилиши қайд этилмасдан қолиши мумкин эмас!” шиори остида ўтказилган тадбирда олти нафар болага туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома топширилди, – деди Наврўзбек Саломов. – Шаръий никоҳ асосида яшаб келаётган 10 нафар оиланинг никоҳи қонуний қайд этилиб, уларга никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар берилди”.

Вилоятда 202 та оила шаръий никоҳ асосида яшаб келаётгани аниқланди. Уларнинг 118 таси қонуний никоҳдан ўтказилди. Шунингдек, 320 нафар болага ота-оналари томонидан туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олинмагани аниқланди. Давлат хизматлари агентлиги томонидан уларнинг 130 нафарига гувоҳномалар берилди.