Огоҳ ва ҳушёр бўлинг! Экстремистик ва террористик гуруҳларнинг асл мақсадлари

Терроризм – жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш, аҳоли кенг қатламларида ваҳима ва қўрқув уйғотишга қаратилган сиёсий курашнинг ўзига хос усулидир. У яширин (конспиратив) руҳдаги ташкилотлар томонидан беқарорлик келтириб чиқариш орқали ҳокимиятни эгаллаш мақсадида амалга оширилади. Террорчи гуруҳлар жамиятда аҳолининг кенг қатлами номидан ҳаракат қилаётгандек таассурот уйғотиш мақсадида диний шиорлардан ниқоб сифатида фойдаланадилар.

Терроризмнинг энг асосий хусусиятларидан бири ушбу ҳаракат тарафдорларининг: “Куч ишлатиш ва зўравонлик давлатни қулатувчи ва ҳокимиятга эришишни осонлаштирувчи парокандаликка олиб келади”, – деган ғояга асосланиб ҳаракат қилишларидир. Терроризмнинг яна бир хусусияти ҳеч қандай уруш бўлмаётган, демократик институтлар фаолият кўрсатаётган, тинчлик ҳукмрон жамият шароитида муқобил усулларни атайин инкор этган ҳолда, сиёсий масалаларни зўрлик йўли билан ҳал қилишга интилишида кўринади.

Мазкур ҳудудлар турли манфаатдор кучларнинг нишонига айланди. Сиёсий мақсадларни дин ниқоби остида амалга оширишга интилувчи гуруҳлар минтақага суқилиб киришга ҳаракат қилдилар. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш учун мустаҳкам асосга эҳтиёж сезилди. 2000 йил 15 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши давлатимиз суверенитети ва халқимиз фаровонлиги, юртимиз тараққиётига таҳдид солувчи терроризмга қарши кураш борасида катта қадам бўлди.

Муқаддас ислом дини инсонларни доимо тинчликка, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўлишга чорлайди. Ҳеч бир дин ислом динидек раҳмдил, покиза эмас. Ислом динининг асл моҳияти ҳам тинчликдир. Лекин бугунги кунда турли оқимларнинг пайдо бўлиши инсоният учун даҳшатли хатар бўлди. Ҳозирда жуда кўп адашган оқимлар мавжуд бўлиб, уларнинг номлари ҳам турлича. Мақсадлари эса – ислом динини ёмон кўрсатиб, ҳокимиятни эгаллаш, инсонлар қонини тўкмоқликдир. Улар ислом динида харом саналган жуда кўплаб ишларни ўзларига ҳалол санамоқда. Айниқса, исломдаги энг оғир гуноҳлардан саналган бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиш, ўзгалар молини ботил йўллар билан ейиш, аёлларни хўрлаш каби ишларни тўғри деб билишади. Илмсиз, ғўр ёшларни эса ўз томонига оғдириб, ғаразли мақсадлари йўлида қурбон қилаётгани ачинарли. Бундай оқим аъзолари на Қуръон оятлари ва на ҳадисларни ҳам тан олишмаяпти.

Бузғунчи, хоин кимсалар эса доимо юртимиз тинчлигига раҳна солишга, вайронгарчилик қилишга ҳаракат қилмоқда. Ҳозирда бундай разил ҳаракатларни чет эллардан туриб, турли интернет воситалари орқали амалга ошираётган,қандай йўл билан бўлсада, ёшларни ўз томонларига тортишга уринаётганлар ҳам йўқ эмас. Яратганга шукур қиламизки, юртимизда тинчлик ҳукмрон. Бу тинчликнинг қадрига етишлик муқаддас бурчидир.Ҳар бир оқил инсон ҳар қандай фитна-фасодлардан огоҳ бўлиб, фарзандларига тўғри тарбия бера олса, кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олган бўламиз.

 Зуҳриддин Солиев,

Ёзёвон туман ИИО, ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси, капитан.